Мажбурий захира талаблари

Охирги янгиланиш:  03.Авг.2020 1:59 PM
4101
Мажбурий захира талаблари
7

Ушбу мақолада, пул-кредит сиёсатини юритишда анъанавий инструментлардан бири ҳисобланган мажбурий захиралаш воситасидан фойдаланиш амалиёти борасида тўхталиб ўтамиз.

Мажбурий захиралаш деганда нима тушунилади?

Мажбурий захира (резерв) талаблари (инглизча – “Reserve requirements”) – пул-кредит сиёсатининг анъанавий инструменти ҳисобланиб, АҚШ Федерал Захира Тизими (Federal Reserve System) томонидан мамлакат банк тизимининг ликвидлилигига таъсир этиш мақсадида 1863 йилда ишлаб чиқилган1. Бугунги кунда, дунёнинг кўплаб ривожланган ва ривожланаётган давлатлари (АҚШ, Швейцария, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Бразилия ва бошқалар)да мажбурий захира талаблари қўлланиб келинмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ҳам мажбурий захира талаблари пул массасини тартибга солиш ҳамда мамлакат банк тизимининг ликвидлилигига таъсир этишнинг муҳим ва таъсирчан воситаси сифатида амалиётда қўлланилмоқда. Мазкур амалиёт тижорат банклари томонидан Марказий банкда алоҳида очилган ҳисобвараққа мажбурий тартибда депозитга пул маблағлари ўтказиш орқали амалга оширилади2.

Яъни, мажбурий резервлар тижорат банклари томонидан жалб қилинган миллий ва хорижий валютадаги депозит маблағларга нисбатан ўрнатилган меъёрлардан келиб чиқиб, Марказий банкдаги махсус ҳисобвараққа ўтказилиши лозим бўлган пул маблағларини англатади. Хусусан, ушбу инструмент Марказий банк томонидан қуйидаги мақсадлар учун қўлланилади:

  • тижорат банкларининг ликвид маблағлари ҳажмини мувофиқлаштирган ҳолда, кредитлаш фаоллигига таъсир кўрсатиш;
  • тижорат банки банкрот бўлган шароитда унинг мажбуриятлари юзасидан ҳисоблашиш;
  • пул массасининг ўсиш суръатларини тартибга солган ҳолда, пул массасининг мультипликатив кўпайишига бевосита таъсир кўрсатиш.

Бунда, Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 25 апрелда 3002-сон билан рўйхатга олинган “Тижорат банкларининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида депозитга ўтказиладиган мажбурий резервлари тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, Марказий банк тижорат банклари томонидан Марказий банкка ўтказилиши лозим бўлган мажбурий резервлар ҳажми (норматив миқдори)ни ҳамда депозитга ўтказиш тартибини белгилайди.

25

Ўз навбатида, мажбурий резервларнинг норматив миқдорини ҳисоблашда Марказий банк томонидан тижорат банкларининг резерв шакллантириладиган мажбуриятларига нисбатан мажбурий захира меъёрлари белгиланган бўлиб, 2019 йил 1 июлдан:

  • миллий валютадаги депозитлар учун - 4%;
  • хорижий валютадаги депозитлар учун - 14%3 этиб белгиланган бўлиб, мажбурий захира резервлари ҳар иккала валюта учун ҳам миллий валютада шакллантирилади.

Мажбурий резервларнинг норматив миқдори — банклар томонидан Марказий банкка ўтказилиши лозим бўлган мажбурий резервлар ҳажми бўлиб, бунда мажбурий резервларнинг норматив миқдори резерв шакллантириладиган мажбуриятларнинг ҳисоб-китоб давридаги ўртача миқдорига мажбурий резервлар нормативини кўпайтириш орқали ҳисобланади. Ҳисоб-китоблар бўйича аниқ маълумотлар билан танишишни истасангиз қуйидаги ҳаволага мурожаат қилинг.

Бундан ташқари, ўртачалаш коэффициенти ва мажбурий резервларнинг ўртачалаштирилган миқдори каби тушунчалар ҳамда уларни амалиётда қўллашдан кўзланган пировард мақсадлар хусусида ҳам тўхталиб ўтсак.

  • ўртачалаш коэффициенти — мажбурий резервлар норматив миқдорининг Марказий банкдаги вакиллик ҳисобварағида сақланадиган ўртачалаштирилган миқдорини аниқлашда фойдаланиладиган қиймати 0 дан 1 гача бўлган коэффициент ҳисобланади.
  • мажбурий резервларнинг ўртачалаштирилган миқдори — банклар томонидан мажбурий резервларнинг норматив миқдорига нисбатан ўртачалаш коэффициентини қўллаш орқали ҳисобланган ҳамда банкларнинг Марказий банкдаги вакиллик ҳисобварақларида сақлаш даври мобайнида сақланиши лозим бўлган ўртача ҳисобдаги пул маблағларининг энг кам миқдоридир.

26Ўзбекистондаги жорий макроиқтисодий шароитлардан келиб чиқиб, тижорат банкларининг ликвидлигини самарали тартибга солишда пул-кредит инструментларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, банк тизими ликвидлигини қўллаб-қувватлаш ва тўлов тизимининг барқарор ишлашини таъминлашда мажбурий резервлаш инструментининг самарадорлигини ошириш мақсадида 2020 йилнинг 15 июнидан бошлаб мажбурий резервлар миқдорига нисбатан амалдаги 0,35 ўртачалаш коэффициенти 0,75 гача оширилди.

Бунда мажбурий резервларнинг норматив миқдорига нисбатан ўртачалаш коэффициентини белгилаш орқали Марказий банкка ўтказилиши лозим бўлган мажбурий резервлар миқдорининг 75 фоизини банкларнинг вакиллик ҳисобварағида қолдиришга рухсат этилади. Банк тизимига тақдим этилган ушбу ликвидлик, биринчи навбатда тўловларнинг узлуксизлигини таъминлайди.

Шунингдек, тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлар учун ресурс базаси сифатида фойдаланилади. Ўз навбатида, трансмиссион механизмлар орқали пул бозорини янада фаоллаштирган ҳолда банк тизимидаги қисқа ва ўрта муддатли фоиз ставкаларининг пасайишига хизмат қилади.

Марказий банк келгусида банк тизимидаги ликвидлиликнинг жорий ҳолати таҳлилидан келиб чиққан ҳолда ўртачалаш коэффициентини ўзгартириб бориши мумкин.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, мажбурий захиралаш инструменти Марказий банк пул-кредит сиёсатининг тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини таъминлашнинг зарурий шарти бўлган минимал ликвидлилик даражасини таъминловчи асосий омиллардан бири бўлиб, банк тизимидаги ликвидлик даражасини бошқариш ва шу орқали иқтисодиётдаги пул таклифини тартибга солишда кенг фойдаланилади.


1 https://www.federalreserve.gov/monetarypolicy/0693lead.pdf

2 “Тижорат банкларининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида депозитга ўтказиладиган мажбурий резервлари тўғрисида”ги Низом (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 25 апрелда 3002-сон билан рўйхатга олинган), 1-боб: Умумий қоидалар.

3 www.cbu.uz




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Инфляция ҳақида бошланғич тушунча

Инфляция ҳақида бошланғич тушунча

Марказий банк асосий ставкаси бу нима?

Марказий банк асосий ставкаси бу нима?

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X