Нега 25 сўмлик ва ундан кичик танга ва банкнотлар муомаладан чиқарилди?

Охирги янгиланиш:  10.Июн.2020 10:32 AM
2270
Нега 25 сўмлик ва ундан кичик танга ва банкнотлар муомаладан чиқарилди?
14

Хабарингиз бор, 2020 йил 1 мартдан 25 сўмлик ва ундан кичик номинал қийматидаги танга ва банкнотлар муомаладан чиқарилди. Бу ҳолатнинг сабабини сўраб, Марказий банкка мурожаатлар бўлмоқда. Юртдошларимизга тушунарли бўлиши учун мазкур масалада мутахассис изоҳи тайёрланди.

10som_1994_2 25som_1994_2

Марказий банк Нақд пул муомаласини ташкил этиш департаменти директори Фазлиддин Бозоров:

Марказий банкнинг 25 сўмлик ва ундан кичик номинал қийматдаги банкнот ва тангаларини муомаладан қайтариб олиш муомаладаги нақд пулларнинг номинал қаторини оптималлаштириш мақсадида амалга оширилмоқда.
Бунинг асосий сабаблари қуйидагилар билан изоҳланади.

Дунёдаги аксарият мамлакатларда тангаларнинг асосан 4-5 хил номинали, банкнотларнинг 5-6 хил номинали муомалада бўлса, Ўзбекистонда эса бугунги кунга қадар муомалада расман 14 та(1 тийин, 3 тийин, 5 тийин, 10 тийин, 20 тийин, 50 тийин, 1 сўм, 5 сўм, 10 сўм, 25 сўм, 50 сўм, 100 сўм, 200 сўм, 500 сўм) номиналдаги тангалар, 12 та (1 сўм, 3 сўм, 5 сўм, 10 сўм, 25 сўм, 200  сўм, 500 сўм, 1000 сўм, 5000 сўм, 10 000 сўм, 50 000 сўм, 100 000 сўм) номиналдаги банкнотлармавжуд.

Маълумот учун: 2019 йилнинг 1 июлидан 50 сўмлик ва 100 сўмлик банкнотлар муомаладан чиқарилди. 2020 йилнинг 1 июлидан бошлаб 200 сўмлик ва 500 сўмлик банкнотлар ҳам тўлов қобилиятини йўқотади.
50som_1994_2 100som_1994_2

Шунингдек, бутун дунёда амал қилинадиган муомаладаги пул белгиларининг номинал қаторини белгилаш назариясига кўра, энг кичик номиналдаги пул белгиси (асосан танга кўринишида)ўртача кунлик иш ҳақининг 1/1000 қисмини ташкил этиши лозим.

Мазкур ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда бу нисбат 85,2 ни ташкил этади (Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2019 йил якунида ўртача ойлик ҳисобланган иш ҳақи – 2 324,5 минг сўм, даромад солиғи чегирилганда 2 045,6 минг сўм). Шунга кўра, республикамизда нақд пулдаги ҳисоб-китоблар учун энг кичик номиналдаги пул белгисининг 50 сўмлик танга бўлиб қолиши юқоридаги назарияга асосланган.

Бундан ташқари, 1994-2001 йилларда муомалага киритилган 25 сўмлик ва ундан кичик номиналдаги тангалар ҳамда банкнотлар мамлакатимиздаги иқтисодий жараёнлар, нархлар ўзгариши каби омиллар таъсирида табиий равишда муомаладан чиқиб кетган бўлиб, бугунги кунда нақд пулдаги тўловларда улардан умуман фойдаланилмаяпти.

Ушбу номинал қийматдаги пул белгиларига талаб бўлмаганлиги сабабли, 2006 йилдан буён Марказий банк томонидан ҳам бундай қийматдаги тангалар зарб қилинмаяпти ва банкнотлар босиб чиқарилмаяпти.

Марказий банкнинг “Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг  25 сўмлик ва ундан кичик номинал қийматдаги тангалари ва банкнотларини муомаладан қайтариб олиш тартиби тўғрисида”ги низомини (рўйхат рақами 3183, 18.09.2019 й.) юқорида қайд этилган табиий жараён расман тан олингани ҳолда, Марказий банк томонидан кўрилаётган амалий чора сифатида баҳолаш мумкин.
20tiyin_1994_2 1som_2000_2 5som_1997_2

Унга кўра, 25 сўм ва ундан кичик қийматдаги эски намунадаги тангалар ва банкнотлар 2020 йил 1 мартдан бошлаб қонуний тўлов воситаси сифатида ўз кучини йўқотади ва уларни айирбошлаш муддати 2021 йил 1 январгача этиб белгиланган.

Жаҳон амалиётида ҳам юқори инфляцион жараёнлар оқибатида кичик қийматдаги пул бирликлари нақд пулдаги тўловларда ўзининг аҳамиятини ва қадрини йўқотган ҳолатларда айрим пул белгиларни нулификация қилиш – қийматини йўқотиш амалиёти қўлланилади.

Мисол учун, амалда тўлов қобилиятини ва қадрини йўқотган майда қийматдаги пул белгиларини муомаладан қайтариб олиш, яхлитлаш каби жараёнлар Белорусда – 2003, 2004, 2013, 2015 йилларда, Қозоғистонда – 2001 йилда, Қирғизистонда – 2011 йилда амалга оширилган.

Шунингдек, Канада, Украина ҳамда Евро ҳудуддаги Финляндия, Ирландия, Нидерландия, Бельгия каби давлатларда ҳам нақд пуллар таркибини оптималлаштиришда кичик номиналдаги пул белгиларини яхлитлаш борасида ислоҳотлар қилинган.

Бундай ҳолатда нақд пулдаги тўловлар қандай тартибда амалга оширилиши мумкин?

Республикамизда энг кичик қийматдаги пул белгиси 2018 йил намунасидаги 50 сўмлик танга бўлиб қолаётганлигини инобатга олиб, чакана савдо ва аҳолига пуллик хизматлар кўрсатишда нақд пулда амалга ошириладиган тўловларни 50 сўмга яхлитлаш лозим бўлади.

Яъни товарлар ва хизматларнинг якуний ҳисоб-китоблари бўйича тўловлар нақд пулда амалга оширилганда, умумий қийматнинг 1 тийиндан 49 сўм 99 тийингача бўлган қисми қуйидагича:

  • 1 тийиндан 24 сўм 99 тийингача бўлган тангалар ва банкнотлар қиймати, 0 сўмга тенглаштирилган ҳолда;
  • 25 сўмдан 49 сўм 99 тийингача бўлган тангалар ва банкнотлар қиймати, 50 сўмга тенглаштирилган ҳолда яхлитланади.

Мисол учун: 257 (257-250=7≈0)≈250 сўм, 474 (474-450=24≈0)≈450 сўм, 376 (376-350=26≈50)≈400 сўм, 586 (586-550=36≈50)≈600 сўм.

30

Ҳаётий мисол сифатида: бугунги кунда аҳоли фойдаланаётган табиий газ нархи 1 метр куб. – 380 сўм, электр энергияси нархи 1кВт/соат – 295 сўм бўлиб, фуқаро 212 метр куб. табиий газ ва 115 кВт/соат электр энергияси учун тўловларни амалга оширмоқчи.

Бунда табиий газ учун – 80 560 сўм, электр энергияси учун – 33 925 сўм тўланиши лозим бўлгани ҳолда, тўловни нақд шаклда амалга оширмоқчи бўлган фуқаро банк тўлов ҳужжатини табиий газ бўйича 80 550 сўмга, электр энергияси бўйича 33 950 сўмга расмийлаштириши мумкин.

Худди шундай чакана савдо корхоналарига ҳам аҳоли томонидан харид қилинган товарлар учун тўловлар нақд пул шаклида амалга оширилганда, товарлар умумий қийматини юқоридаги тартиб асосида 50 сўмга яхлитлаган ҳолда ҳисоб-китоб қилиниши тавсия этилади.

Яхлитлаш нақд пулсиз ва банк карталари орқали амалга ошириладиган ҳисоб-китобларга тадбиқ этилмайди. Нақд пулсиз ҳисоб-китоб ҳужжатларида (тўлов топшириқномаси, тўлов талабномаси ва бошқалар) суммалар яхлитланмасдан тўлиғича қайд этилади ва қайд этилган суммага операциялар амалга оширилади.




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Нақд ва нақдсиз пуллар

Нақд ва нақдсиз пуллар

Валюталар

Валюталар

Қандай қилиб пулнинг ҳақиқийлигини текшириш мумкин?

Қандай қилиб пулнинг ҳақиқийлигини текшириш мумкин?

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X