Мобил банкинг – интернет тармоғи ёрдамида мобил телефон (смартфон) орқали банк хизматларидан фойдаланишнинг замонавий усулидир.
Бу усул банк хизматларидан фойдаланувчиларга банк ҳисобварағини масофадан бошқариш имконини беради ва деярли барча интернет-банкинг операцияларини таъминлайди.
Мобил банкнинг ёрдамида мижоз қуйидаги имкониятларга эга:
- банк карталарининг (кредит, дебет ва ҳоказо) ҳолатини кузатиш;
- мобил ва шаҳар телефон хизматлари, интернет-провайдерлар, коммунал, кабел ва рақамли телевидение хизматлари учун воситачилик ҳақларисиз тўловларни амалга ошириш;
- онлайн конверсия амалиётларни ўтказиш;
- картадан картага ўтказмаларни амалга ошириш;
- операцияларнинг автоматик ижросини созлаш – ҳисобварақ бўйича ёки муайян саналарда белгиланган тўловлар;
- пул маблағларининг банк ҳисобварағига тушганлиги ҳақида маълумот олиш;
- банк картаси орқали амалга оширилган операциялар ҳақида маълумотнома олиш;
- онлайн-дўконларда ҳаридларни амалга ошириш;
- кредитларни сўндириш, омонатларга маблағ қўшиш;
- кредит олиш;
- пул ўтказмасини олиш/юбориш;
- ЙҲХББ жарималарини тўлаш;
- банк картасини очиш;
- банк картасини блоклаш ва блокдан ечиш;
- банк картасига омонат бўйича фоизларни кирим қилиш;
- банк картасининг амал қилиш муддатини узайтириш;
- мобил илова орқали турли валюталарда халқаро пул ўтказмаларини амалга ошириш.
Мобил банкингга уланиш
Мобил банкинг хизматларидан фойдаланиш учун мижоз, аввало банк ҳисобварағини очиши лозим, яъни карта ҳисобварағи очилади (банк картаси). Бунинг учун:
- Шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт/ идентификация ID-картаси/ янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси/ ҳарбий билет) билан бирга банкка ташриф буюриб (ёки масофадан) керакли ҳужжатларни тўлдириш;
- Интернет орқали мобил телефонга (смартфонга) тегишли иловани юклаб олиш (керакли иловалар кўпинча Google Play ва App Store иловалар дўконида мавжуд).
Мобил иловалар банк ёки тўлов ташкилотлари томонидан таклиф этилиши мумкин. Агар мобил илова ва банк картаси битта банкка тегишли бўлса, ушбу илова орқали операцияларни амалга оширишда кичик воситачилик ҳақларидан озод бўлиш мумкин. Масалан, маблағларни бир картадан бошқа картага ўтказиш ёки нақд пул олиш учун комиссиялар мавжуд. Умуман олганда, комиссия 1% дан ошмайди.
Агар смартфонда илова ўрнатилган бўлса, фақатгина банк картаси билан ушбу иловада авторизациядан ўтиш кифоя, яъни иловада банк картаси ҳақида сўралган маълумотларни унга киритиш лозим.
Авторизация қилиш учун, картанинг олди томонидаги маълумотларни киритиш керак (карта эгасининг исми, картанинг индивидуал рақами ва картанинг амал қилиш муддати). Сўнгра банкнинг SMS-хабари орқали келган код ёрдамида оширилаётган авторизацияни тасдиқлаш лозим. Шундан кейин, иловага кириш учун парол (ПИН код) ўрнатиш ва уни эслаб қолиш муҳим, телефон ўғирланган ёки йўқолган тақдирда маблағларнинг хавфсизлиги мазкур парол орқали таъминланади.
Иловадан қандай фойдаланиш керак?
Ҳар бир мобил банк иловасининг дизайни ва менюси ҳар хил, аммо бу муаммо эмас, чунки уларни ишлатиш жуда осон. Меню асосан фойдаланувчи истаган операцияларга мувофиқ бўлимлардан (ўтказмалар, тўловлар ва ҳоказо) ташкил топган. Биринчи ўринда иловага картанинг маълумотларини киритиш керак, ундан кейин тўловларни амалга ошириш мумкин.
Масалан, интернет хизмати учун тўловни амалга ошириш керак бўлса, тахминан қуйидаги харакатларни амалга ошириш керак:
Мобил банкинг орқали ҳар қандай банк операциясини амалга оширишингиз биланоқ иловада рўйхатдан ўтказилган телефон рақамингизга амалга оширилган операция ҳақида SMS-хабар юборилади.
Мобил банкинг афзалликлари:
- Мобил илова орқали масофадан туриб банк хизматларидан фойдаланиш;
- Вақтни тежаш (операцияларнинг тезкор равишда амалга ошиши ва тўлов учун кассага бориш ҳожати йўқлиги);
- Кунига 24 соат ишлайди.
Мобил банкинг камчиликлари:
- Мобил телефоннинг ўғирланиши ёки йўқолиши;
- Ҳисобварақ хавфсизлиги даражасининг пастлиги.
Мобил телефон йўқолса ёки ўғирланса, биринчи ўринда карта ҳисобварағи очилган банк филиалига мурожаат қилиб картани блоклаш зарур.