Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар учун қўшимча имкониятлар яратилиши давом этмоқда.

Охирги янгиланиш:  24.Ноя.2022 1:17 PM
817
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар учун қўшимча имкониятлар яратилиши давом этмоқда.
4

Юртимизда сўнгги йилларда аҳолини фаровон ҳаёт кечириши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғилланиб ўз даромадларини кўпайтиришлари учун кўплаб имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 6 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-387-сон Қарори тасдиқланди.

Қуйида қарорга мувофиқ ажратиладиган кредитлар бўйича янгиликларга батафсил тўхталамиз.

Унга кўра ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, маҳсулот етиштиришни кўпайтириш ҳисобига аҳоли даромадини ошириш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни моддий ресурслар билан узлуксиз таъминлаш ҳамда етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш мақсадида кредитлар ажратилади.

Ушбу кредитлар кимларга ва нима мақсадда тақдим этилади?

  • Қишлоқ хўжалиги корхоналарига - қишлоқ хўжалиги экинлари: мева, узум, картошка, сабзавот, полиз экинлари, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, дуккакли ва мойли экинлар етиштиришга уруғлик, ўғит, ёқилғи, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари етказиб бериш учун;
  • Маҳсулотларни қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчи корхоналарга - етиштирилган қишлоқ хўжалиги экинларини харид қилишда талаб этиладиган айланма маблағларини тўлдириш учун ажратилади. 

Кредит миқдори қанча?

Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун кредитлар 150 миллион сўмгача гаровсиз ажратилади.

Кредит неча фоиздан ажратилади?

Кредит йиллик 14 фоиз ставкада берилади.

Кредит муддати қанча?

Кредитлар 6 ойгача имтиёзли давр билан 12 ой муддатгача тақдим этилади.Бундан ташқари, қарз олувчи талабига кўра ажратиладиган кредит маблағларининг 50 фоизигача бўлган қисмини нақд пул шаклида олиши мумкин.

Ҳар қандай кредит туридан фойдаланишдан олдин, ўз даромад ва харажатларингизни таққослаб кўришни унутманг. Чунки даромадларингиз кредит учун ҳисобланган фоиз тўловларни қоплаш учун етарли бўлиши лозим. Акс ҳолда, кредит бўйича тўловларни ўз вақтида тўламаслик кредит тарихингизга салбий таъсир кўрсатади ва келажакда керак вақтда кредит олиш имконингизни пасайтиради.

Қайси маблағ эвазига кредитлар ажратилади?

Кредитлар учун ресурс маблағлари Боғдорчилик агентлиги томонидан тижорат банкларига йўналтирилади.

Кредитни олиш учун тавсиянома керак бўладими?

Қуйидагиларнинг тавсияларига кўра кредитлар ажратилади:

  • Боғдорчилик агентлигининг лойиҳа офислари раҳбарлари;
  • маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимлари ёрдамчилари.

Шу билан бирга, кредит маблағларининг қайтмаслик хатарини суғурта қилиш бўйича ёки ҳосилни хавф-хатардан суғурта қилиш бўйича суғурта полиси қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирувчиларга ажратиладиган кредитлар бўйича гаров таъминоти сифатида қабул қилиниб, кредитларни сўндиришга йўналтирилиши мумкин

Қўшимча имтиёз

Қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирувчиларга ҳосилни хавф-хатардан суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизи Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.

Ўз соҳангиз бўйича молиявий янгиликларни биринчилардан бўлиб кузатиб боришга ва улардан фойдаланишга ҳаракат қилинг, чунки ҳар бир соҳада кутилмаганда турли ўзгариш ва янгиликлар юзага келади. Бу билан сиз ўз тадбиркорлигингизни янада кенгайтиришга ва биринчилардан бўлиб янгиликларни амалга оширишга эришасиз. Молиявий саводхонлик орқали ўз тадбиркорлигингизни янада ривожлантиринг.




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Ўзини ўзи банд қиладиган шахсларга яратилган имкониятлардан фойдаланинг

Ўзини ўзи банд қиладиган шахсларга яратилган имкониятлардан фойдаланинг

Ёшлар тадбиркорлиги учун янги имкониятлар

Ёшлар тадбиркорлиги учун янги имкониятлар

Oilakredit.uz платформаси орқали кредитлар ажратиш тартиби тасдиқланди

Oilakredit.uz платформаси орқали кредитлар ажратиш тартиби тасдиқланди

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X