Оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш

Охирги янгиланиш:  23.Сен.2021 3:05 PM
3703
Оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш
15

Дейлик, яшаб турган уйингизда оилавий мехмон уйи ташкил этиб фаолият юритмоқчисиз. Меҳмонхона учун зарур нарсаларни олиш мақсадида банкдан 100 млн. сўм миқдорида кредит олмоқчисиз. Аммо, сизда кредит олиш учун гаров таъминоти йўқ.

Бу борада қулай кредит таклифлари ва кредит олиш тартиблари қандай? Гаровсиз ҳам меҳмон уй ташкил этиш мақсадида кредит олиш имконияти борми? 

Ушбу саволларни қуйида кўриб чиқамиз.

Бир неча йилларда буён мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш, минтақаларнинг туристик салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, дам олиш ва туризм учун шарт-шароитларни яхшилаш, шунингдек, туризм хизматлари кўрсатиш соҳасида янги иш ўринларини ташкил этиш мақсадида ушбу соҳадаги тадбиркорлик субъектлари учун кўплаб имконият ва имтиёзлар яратилган. Энг муҳими ушбу имкониятлардан фойдаланиш учун катта меҳмонхона очишга зарурият йўқ. Бунинг учун ишни оилавий меҳмон уйларидан бошлаш мумкин.

Оилавий меҳмон уйи (ёки меҳмон уйи) – бу бир вақтнинг ўзида 10 кишигача бўлган меҳмонларга (туристлар, ташриф буюрувчилар) хизмат кўрсатувчи уй-жой (ҳостел) ҳисобланади. Бунда, ушбу уй-жойнинг эгаси ўз оила аъзолари билан биргаликда мазкур хусусий уй-жойда истиқомат қилиши ва ҳар бир яшовчига 3 м2 ҳисобидан тўғри келадиган зарурий турар жой майдонига эга бўлиши зарур.

Бундай тадбиркорлик фаолияти хусусий тадбиркорлар ёки оилавий тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилади.

Хусусий турар-жойни меҳмон уйига айлантириш учун қуйидаги уч талаб бўйича шарт-шароитлар яратилиши лозим [1]:

  1. Ташриф буюрувчилар (туристлар) учун санитария-гигиена қулайликларини ташкил этиш.
  2. Ташриф буюрувчиларнинг (туристларнинг) хавфсизлигини таъминлаш.
  3. Ташриф буюрувчиларнинг (туристларнинг) қулай ва яхши яшашлари учун шароитлар ташкил қилиш.

Турар-жой биносини ўрнатилган тартибда талабга жавоб берадиган ҳолатга келтиргандан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига оилавий меҳмон уйини рўйхатга олиш учун ариза билан мурожаат қилинади.

Ариза ва унга илова қилинган барча ҳужжатлар тўлиқ ҳамда меҳмон уйи талабларга мувофиқлиги бўйича Қўмита томонидан ўрганиб чиқилади. Барча талаблар бажарилганда умумий тўрт иш куни ичида индивидуал реестр рақами берилади ва аризачига Меҳмон уйлари реестридан кўчирма топширилади.

Шу билан бир қаторда, меҳмон уйини ташкил этиш фаолияти билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектларига қуйидаги солиқ имтиёз ва преференциялари тақдим этилади:

  • юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилиш;
  • ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 1 фоиз миқдорида белгилаш (аслида 12 фоиз)

Агар меҳмон уйи ташкил этиш учун ўз маблағларингиз етарли бўлмаса, тижорат банклари Оилавий меҳмон уйлари ва хостеллар ягона реестрига киритилган хусусий тадбиркорлар ва оилавий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ташкил этиши (турар-жойни таъмирлаш, жиҳозлаш) учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баробаригача миқдорда (73 500 000 сўмгача), беш йил муддатга, шу жумладан икки йиллик имтиёзли давр билан кредитлар ажратади. Кредитлар тижорат банклари томонидан бозор тамойиллари асосида мустақил равишда ўрнатиладиган бозор ставкаларида ажратилади. Мазкур кредитга ҳисобланган фоиз ҳаражатларининг бир қисми Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан компенсация қилиш имконияти мавжуд.

Кредит таъминоти учун қуйидагиларни тақдим этиш имкониятингиз мавжуд:

  • Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси кафиллиги;
  • Кредит қайтмаслиги хатаридан суғурта полиси;
  • Учинчи шахс (юридик шахс) кафиллиги;
  • Кўчар ва кўчмас мулклар.

[1] Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 07.08.2018 йилдаги “Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 631-сонли қарори




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Ўзини ўзи банд қиладиган шахсларга яратилган имкониятлардан фойдаланинг

Ўзини ўзи банд қиладиган шахсларга яратилган имкониятлардан фойдаланинг

Oilakredit.uz платформаси орқали кредитлар ажратиш тартиби тасдиқланди

Oilakredit.uz платформаси орқали кредитлар ажратиш тартиби тасдиқланди

Ёшлар тадбиркорлиги учун янги имкониятлар

Ёшлар тадбиркорлиги учун янги имкониятлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X