Таълим кредити: янгиликлар ва ўзгаришлар

Охирги янгиланиш:  12.Май.2022 10:31 AM
3434
Таълим кредити: янгиликлар ва ўзгаришлар
16

Агар сиз олий таълим даргоҳига шартнома асосида ўқишга қабул қилинган бўлсангиз, сизда таълим кредитидан фойдаланиш имконияти мавжуд. Келинг, бунинг учун сиз нималарни билиб олишингиз муҳимлиги тўғрисида батафсил гаплашамиз!

Жорий йил 18 августдаги 527-сонли Ҳукумат қарори билан “Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитларини ажратиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди

Ушбу Низомга кўра таълим кредитини ажратиш бўйича қуйидаги шартлар белгиланди:

Таълим кредити кимларга берилади?

  1. Таълим кредитлари олий таълим ташкилотларининг кундузги таълим шаклида бакалавриат ва магистратурага тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган, шунингдек ўқишини кўчирган Ўзбекистон фуқароси бўлган талабаларга берилади.
  2. Кредит олувчининг доимий даромад манбаига эга оила аъзолари (ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, эри ёки хотини) ёки васийлари биргаликда кредит олувчи сифатида қатнашиши мумкин;

Қайси олий ўқув юртига қабул қилинган талабалар мазкур таълим кредитига эга бўлишлари мумкин?

Ўзбекистон Республикасида фаолият олиб бораётган барча олий таълим ташкилотлари – яъни, давлат, нодавлат олий таълим ташкилотлари, Ўзбекистон Республикаси ҳузуридаги хорижий олий таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари ҳамда қўшма таълим дастурлари бўйича бакалавриатнинг кундузги таълим шаклида ёки магистратура босқичида тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Жамғарма маблағлари ҳисобидан ажратиладиган таълим кредитига эга бўлишлари мумкин.

Таълим кредити қанча миқдорда ва неча фоиз асосида берилади?

Таълим кредити тўлов-контракт шартномасида кўрсатилган бир йиллик тўлов суммасига тенг миқдордаги Марказий банк асосий ставкасида ажратилади.

(!) Бунда, Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда, таълим кредити бўйича фоиз ставкаси мутаносиб равишда пасаяди, Марказий банкнинг асосий ставкаси оширилган тақдирда эса таълим кредити бўйича фоиз ставкаси ўзгаришсиз қолади.

Таълим кредитини расмийлаштириш учун қандай ҳужжатлар талаб этилади?
  • таълим кредтини олиш тўғрисидаги ариза;
  • талаба ва олий ўқув юрти ўртасидаги тўлов-контракт шартномаси ва унга илова қилинадиган ҳисоб варақаси/фактураси (мавжуд бўлганда). Шартномада ўқишни тамомлашнинг белгиланган муддати ва бир йил учун тўлов миқдори кўрсатилган бўлиши лозим;
  • таълим кредити қайтарилишининг таъминоти бўйича ҳужжат;
  • биргаликда кредит олувчига тегишли маълумотлар ва ҳужжатлар.
Эътибор беринг! Таълим кредити қайтарилиши бўйича қандай таъминот тақдим этилиши банкнинг кредит сиёсати ва ички тартибига мувофиқ белгиланади. Агар талаба “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оиланинг фарзанди бўлса, таълим кредити бўйича гаров ва кафиллик талаб этилмайди – улар “ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилганлигини тасдиқловчи маълумотнома беришлари кифоя.

Банк тақдим этилган ҳужжатларни 5 иш куни ичида кўриб чиқади ва ушбу талабага таълим кредити ажратиш ёки ажратмаслик бўйича қарор қабул қилади. Кредит беришни рад этган тақдирда, аризачига рад этиш сабаби кўрсатилган ҳолда жавоб хати берилади.

Таълим кредити маблағлари тижорат банки томонидан тақдим этилган шартнома ёки ҳисоб варақаси/фактурасида кўрсатиб ўтилган ҳисобварағига маблағ кўчириш йўли билан ўтказиб берилади.

(!) Бунда, таълим кредити тўғрисидаги шартномада кўрсатилган йиллик тўловнинг тўлиқ миқдори тенг улушларда тўрт қисмга бўлаб кредит олувчининг ёзма топшириғи асосида ўтказилади:

  • Биринчи қисми (камида 25 фоизи) – 1 босқич учун ҳар йили 15 сентябргача, 2 ва ундан юқори босқичлар учун ҳар йили 1 октябргача;
  • иккинчи қисми (камида 50 фоизи) – ҳар йили 1 январгача;
  • учинчи қисми (камида 75 фоизи) – ҳар йили 1 апрелгача;
  • тўринчи қисми (100 фоизи) – ҳар йили 1 июлгача бўлган муддатда
Тегишли тўловни амалга ошириш учун кредит олувчи тижорат банкига юқорида белгиланган саналарга қадар мурожаат қилиши лозим.

Таълим кредитини қайтариш тартиби қандай?

Таълим кредитининг асосий қарзи талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади. Ушбу вақтга қадар таълим кредити бўйича фақат фоиз тўловлри тўлаб борилади.

Таълим кредитини белгиланган муддатдан олдин сўндириш мумкинми?

Агар қарз олувчида қўшимча маблағ мавжуд бўлса, таълим кредитини муддатидан олдин сўндиришга ҳақли. Дейлик, ўқишни битирдингиз ва бирдан даромад манбаига эга бўлдингиз – шунда сиз 7 ой фақат кредит бўйича фоиз тўлаб бормасдан, асосий қарзни ҳам сўндириб боришингиз мумкин. Бунда кредит бўйича умумий тўловларингиз миқдори камроқ бўлади.

Эслаб қолинг! Ҳар қандай узоқ муддатли кредитни муддатидан олдин сўндириш ушбу кредит бўйича умумий тўловлар миқдорининг камайишига ёрдам беради.




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Уй-жой сотиб олиш ва таъмирлаш учун қандай кредитлар олиш мумкин?

Уй-жой сотиб олиш ва таъмирлаш учун қандай кредитлар олиш мумкин?

Пенсионерлар учун кредитлар

Пенсионерлар учун кредитлар

Кредит тарихи

Кредит тарихи

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X