Марказий банк асосий ставкаси бу нима?

Охирги янгиланиш:  26.Июл.2024 10:22 AM
11483
Марказий банк асосий ставкаси бу нима?
30

Марказий банк асосий ставкаси - пул-кредит сиёсатининг асосий инструментларидан бири ҳисобланади.

Банклараро пул бозоридаги фоиз ставкалари, шунингдек, Марказий банк томонидан банк тизимига ликвидликни тақдим этиш бевосита асосий ставкага боғлиқ.

Шундай қилиб, асосий ставка иқтисодиётдаги фоиз ставкалари даражасига, шунингдек, аҳоли ва бизнеснинг истеъмол ва инвестицион (сармоя киритиш) қарорларига таъсир кўрсатган ҳолда ички талаб ва инфляция даражаси ўзгаришида аҳамият касб этади.

Асосий ставка қандай ва ким томонидан белгиланади?

Асосий ставка даражаси Марказий банк бошқаруви мажлисларида пул-кредит сиёсати шароитлари, жорий ва кутилаётган инфляция даражаси ҳамда макроиқтисодий ҳолатни инобатга олган ҳолда белгиланади. Одатда, агар инфляция даражаси кўтарилса, Марказий банк ҳам асосий ставкани кўтаради. Агар инфляция даражаси пасайса, бунда Марказий банк асосий ставкани пасайтиради.

Асосий ставка қандай қилиб банк хизматларига таъсир кўрсатади?

Марказий банк асосий ставкани ўзгартиришга қарор қилса, бозорни мумкин бўлган ўсиш ёки пасайиш ҳақида аввалдан хабардор қилади.

41Ўз навбатида, тижорат банклари асосий ставканинг траекториясини кузатиб, пул бозоридаги ликвидлик яқин келажакда арзон ёки қимматлашишини тушунадилар. Табиийки, бу эса, банкларни ўз маҳсулотлари ва хизматлари нархларини ўзгартиришга ундайди (масалан, аҳоли ва тадбиркорлардан жалб этиладиган омонатлар ва уларга ажратиладиган кредитлар билан боғлиқ харажатлар).

Агар иқтисодиётда инфляция даражасининг ўсиш суръати жиддий тезлашса ва Марказий банк асосий ставкани кўтарса, ушбу ҳолат банклар томонидан депозит ва кредитлар бўйича фоиз ставкаларини ошириш эҳтимолини юзага келтиради. Бу эса, банклараро (жорий ликвидликни таъминлаш мақсадида банклар бир-бирларига пул маблағларини маълум бир фоиз эвазига тақдим этадиган бозор) ва умуман олганда пул бозорида маблағларни жалб этиш билан боғлиқ харажатларни ошишига олиб келади.

Инфляция даражаси ҳамда асосий ставканинг пасайиши банклараро пул бозорида пул маблағларини жалб этиш арзонлашишига, бу эса, юқори бўлмаган фоиз ставкаларида кредитлар ажратиш орқали аҳоли ва тадбиркорлар учун молиявий манбаларнинг мақбуллашишига сабаб бўлади.

Эътибор беринг! Фоиз ставкаларини пасайтириш банклараро рақобатга жуда ҳам боғлиқ.

02Марказий банк асосий ставкаси кредит ташкилотлари томонидан мижозлар билан шартномалар тузишда қўлланилиши мумкин. Бундай ҳолларда кредит бўйича фоиз ставкаси асосий ставкага "боғланган" ва фоиз тўловлари миқдори асосий ставка даражасига қараб ўзгаради.

Мамлакатимизда 2024 йилнинг 24 июлдан бошлаб асосий ставка 13,5%ни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2000 йилдан ҳозирги кунгача бўлган асосий ставкаси (илгари қайта молиялаш ставкаси) динамикаси (ўзгариш даражаси)ни Марказий банкнинг веб-сайтида кўриш мумкин.




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Инфляция ҳақида бошланғич тушунча

Инфляция ҳақида бошланғич тушунча

Марказий банк асосий ставкаси бу нима?

Марказий банк асосий ставкаси бу нима?

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X