Базавий инфляция нима?

Охирги янгиланиш:  06.Янв.2022 6:45 PM
4145
Базавий инфляция нима?
14

Базавий инфляция – бу инфляциянинг бир қисми бўлган ва ўзида маъмурий ҳамда мавсумий омилларнинг нархлардаги таъсирини ҳисобга олмаган ҳолда товар ва хизматлар нархларининг эркин ўзгаришини (динамикасини) акс эттирувчи кўрсаткичдир. Ушбу кўрсаткич мамлакатдаги инфляция даражасини маълум бир давр учун яққолроқ ифода этади. Чунки базавий инфляция истеъмол саватидаги:

  • мавсумий;
  • қисқа муддатларда нарх-навоси тез-тез ўзгариб турувчи;
  • нарх-навоси давлат томонидан тартибга солинадиган айрим товар ва хизматларнинг нархларини инобатга олмайди.

Масалан, мева-сабзавот товарлари, сув, газ, электр-энергия каби товар ва хизмат турлари.

Кўп ҳолларда, базавий инфляция деганда давлат томонидан тартибга солинадиган нархлар ва иқтисодиётдаги маъмурий чораларнинг таъсиридан ҳоли, тўғриланган истеъмол нархлари индекси (ИНИ) тушунилади.

Қуйидаги диаграмма орқали инфляция ва унинг таркибини соддароқ кўринишда тушунтириб ўтамиз:

4Бозор иқтисодиётида товар ва хизматлар нархи талаб ва таклифдан келиб чиқиб шаклланади. Аммо шундай товар ва хизмат турлари мавжудки, уларнинг нархлари давлат томонидан ўрнатилади ва тартибга солинади. Истеъмол саватидаги айрим товар ва хизматлар нархлари тартибга солиниши тўғридан-тўғри умумий инфляция даражасига таъсир этгани учун бундай товар ва хизматлар нархларидаги ўзгаришлар базавий инфляцияни ҳисоблашда қўлланилмайди. Шу билан, базавий инфляцияни ҳисоблаш мақсадида истеъмол нархлари индексига тузатишлар киритилади.

Истеъмол нархлари индекси – бу, биз мунтазам сотиб оладиган истеъмол саватидаги маълум бир товар ва хизматлар нархининг маълум даврга нисбатан ўзгаришини кўрсатади. У фоизда ўлчанади. Марказий банк ушбу ёндашув орқали нархлар ўзгаришини (динамикасини) инфляцияга таъсирини кузатиб боради.

Нега баъзи товар ва хизматлар базавий инфляцияга киритилмайди?

Юқорида таъкидланганидек, нарх-навоси тартибга солинадиган, қисқа муддатларда ўзгарувчан ҳамда мавсумий товар ва хизмат нархларидаги ўзгаришлар базавий инфляцияни ҳисоблашда инобатга олинмайди. Бундай товар ва хизматларнинг базавий инфляцияга киритилиши, яққол (соф) инфляция даражасига мутаносиб равишда акс этмаслиги, шунингдек, пул-кредит сиёсати борасида олиб борилган чораларнинг таъсирчанлигини баҳолашга имкон яратмаслиги мумкин.

Айнан бу товар ва хизматларни базавий инфляциядан чиқариб ташлаш, нархлари шок таъсирида ўзгарувчи товар ва хизматларнинг динамикасига чалғимасдан пул-кредит сиёсати чораларини умумий нархларга таъсирини ажратиб олишда қўл келади.

Базавий инфляцияни ҳисоблашда бу каби товар ва хизматлар нархларидаги ўзгаришларнинг киритилмаслигига асосий сабаблар қуйидагилар ҳисобланади:

  • товар ва хизматларнинг (узум, шакар ва шу кабилар) мавсум давомида нархи кескин ўзгариши;
  • товар ва хизматларнинг (масалан, импорт товарлари) нарх-навоси қисқа муддатларда тез-тез ўзгариб туриши иқтисодиётда шок таъсирга эгалиги;
  • давлат томонидан нарх-навоси ўрнатиладиган ва тартибга солинадиган айрим товар ва хизматлар (масалан, буғдой, пахта ёғи)нинг инфляция даражасига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатиши.



Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Инфляция ҳақида бошланғич тушунча

Инфляция ҳақида бошланғич тушунча

Марказий банк асосий ставкаси бу нима?

Марказий банк асосий ставкаси бу нима?

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X