Базавий инфляция – бу инфляциянинг бир қисми бўлган ва ўзида маъмурий ҳамда мавсумий омилларнинг нархлардаги таъсирини ҳисобга олмаган ҳолда товар ва хизматлар нархларининг эркин ўзгаришини (динамикасини) акс эттирувчи кўрсаткичдир. Ушбу кўрсаткич мамлакатдаги инфляция даражасини маълум бир давр учун яққолроқ ифода этади. Чунки базавий инфляция истеъмол саватидаги:
- мавсумий;
- қисқа муддатларда нарх-навоси тез-тез ўзгариб турувчи;
- нарх-навоси давлат томонидан тартибга солинадиган айрим товар ва хизматларнинг нархларини инобатга олмайди.
Масалан, мева-сабзавот товарлари, сув, газ, электр-энергия каби товар ва хизмат турлари.
Қуйидаги диаграмма орқали инфляция ва унинг таркибини соддароқ кўринишда тушунтириб ўтамиз:
Бозор иқтисодиётида товар ва хизматлар нархи талаб ва таклифдан келиб чиқиб шаклланади. Аммо шундай товар ва хизмат турлари мавжудки, уларнинг нархлари давлат томонидан ўрнатилади ва тартибга солинади. Истеъмол саватидаги айрим товар ва хизматлар нархлари тартибга солиниши тўғридан-тўғри умумий инфляция даражасига таъсир этгани учун бундай товар ва хизматлар нархларидаги ўзгаришлар базавий инфляцияни ҳисоблашда қўлланилмайди. Шу билан, базавий инфляцияни ҳисоблаш мақсадида истеъмол нархлари индексига тузатишлар киритилади.
Истеъмол нархлари индекси – бу, биз мунтазам сотиб оладиган истеъмол саватидаги маълум бир товар ва хизматлар нархининг маълум даврга нисбатан ўзгаришини кўрсатади. У фоизда ўлчанади. Марказий банк ушбу ёндашув орқали нархлар ўзгаришини (динамикасини) инфляцияга таъсирини кузатиб боради.
Нега баъзи товар ва хизматлар базавий инфляцияга киритилмайди?
Юқорида таъкидланганидек, нарх-навоси тартибга солинадиган, қисқа муддатларда ўзгарувчан ҳамда мавсумий товар ва хизмат нархларидаги ўзгаришлар базавий инфляцияни ҳисоблашда инобатга олинмайди. Бундай товар ва хизматларнинг базавий инфляцияга киритилиши, яққол (соф) инфляция даражасига мутаносиб равишда акс этмаслиги, шунингдек, пул-кредит сиёсати борасида олиб борилган чораларнинг таъсирчанлигини баҳолашга имкон яратмаслиги мумкин.
Базавий инфляцияни ҳисоблашда бу каби товар ва хизматлар нархларидаги ўзгаришларнинг киритилмаслигига асосий сабаблар қуйидагилар ҳисобланади:
- товар ва хизматларнинг (узум, шакар ва шу кабилар) мавсум давомида нархи кескин ўзгариши;
- товар ва хизматларнинг (масалан, импорт товарлари) нарх-навоси қисқа муддатларда тез-тез ўзгариб туриши иқтисодиётда шок таъсирга эгалиги;
- давлат томонидан нарх-навоси ўрнатиладиган ва тартибга солинадиган айрим товар ва хизматлар (масалан, буғдой, пахта ёғи)нинг инфляция даражасига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатиши.