Омонатларни очиш: фойдали маълумотлар

Охирги янгиланиш:  29.Июл.2022 10:29 AM
241
Омонатларни очиш: фойдали маълумотлар
2

Банк омонатларидан зарур миқдордаги пулларни тўплаш учун фойдаланиш қулай ҳисобланади. Бу нафақат жамғармани сақлашнинг, балки уларни кўпайтиришнинг ҳам осон усулидир.

Банк омонатини очар экансиз, ишончингиз комил бўлсинки, сизнинг пулларингиз давлатнинг тўлиқ ҳимояси остида бўлади. Ўзбекистонда омонатнинг ҳажми ва валютасидан қатъи назар, 100% қайтарилиши кафолатланган. Омонатлар бўйича фоизлар эса жамғармаларни инфляциядан ҳимоя қилишга ёрдам беради.

Шартнома имзолашда нималарга эътибор қаратиш лозим?

Омонатни очишдан олдин, банк филиалида имзоланадиган омонат шартномаси ёки мобил иловада акс этадиган электрон офертани диққат билан ўқинг. Унда омонат номи, унинг дастлабки миқдори, қайтариш муддати ва тартиби, шу жумладан муддатидан олдин қайтариб олиш, шунингдек маблағларни қисман олиш ва тўлдириш шартлари кўрсатилиши лозим. Фоизларни ҳисоблаш даврийлиги ва тартибига эътибор беринг. Фоизлар оддий ёки капитализация орқали ҳисобланиши мумкин. Омонат шартлари ҳақида батафсил маълумотни "Банк омонатларининг шартлари қандай бўлиши мумкин?" мақоласи орқали танишиб чиқинг.

Омонатни қандай танлаш керак?

Банклар жамғармани сақлаш шартларига қараб (масалан, валютаси, муддати, суммаси, ҳисобни тўлдириш ва қисман пул ечиб олиш имконияти, капитализация) турли фоиз ставкаларини таклиф этади.

Кўпчилик фақат фоиз ставкаси асосида омонатни танлаш керак, деб ўйлайди. Омонат фоизи қанчалик юқори бўлса, омонат шунчалик яхши деб ҳисоблашади. Лекин бу ҳар доим ҳам тўғри эмас. Омонатни янада қулай ва омонатчи мос келтирадиган бир нечта бошқа шартлари ҳам мавжуд.

Омонатни танлашдан олдин, ўзингиз учун қуйидаги саволлар бўйича аниқлик киритиб олинг:

Маблағларни қачон қайтариб олишни хоҳлайсиз: бир неча ой, бир йил, уч йил?

Агар омонатга қўйган пулларингиз тез орада сизга зарур бўлишини билсангиз ва уларни инфляциядан ҳимоя қилишни истасангиз, сиз бир неча ойга омонатни очишингиз мумкин. Агар сизга пулларингиз кейинроқ зарур бўлса, бир йил ёки ундан кўп муддатли омонатни танланг. Одатда, узоқ муддатли омонатларнинг ҳар ойлик фоизлари омонат асосий суммасига қўшиб кетилса, катта даромад келтиради.

Омонат маблағларидан фойдаланиш: мунтазам тўлдириб бориш ёки шошилинч эҳтиёжлар учун маблағларни ишлатиш?

Тўлдириш имконияти мавжуд омонатлар жамғармани яратиш учун мос ҳисобланади. Маблағларни қисман олиб қўйиш имконияти бўлган омонатлар ўзининг мослашувчанлиги билан қулай: агар маблағ зудлик билан зарур бўлса, уларни депозитдан қайтариб олишингиз мумкин.

Катта миқдордаги маълум бир молиявий мақсадга эришиш учун сиз узоқ вақт давомида юқори фоиз ставкада ва пул маблағларини олиш имкониятисиз депозит очишингиз мақбул.

Бита омонат ёки бир нечта?

Сиз турли миқдорда ва муддатлар билан турли банкларда бир неча омонатларни очишингиз мумкин. Ҳар бир омонатни маълум бир молиявий мақсад учун тўлдириш мумкин.

Сиз жамғармани қисмларга ажратиб, бир вақтнинг ўзида узоқ муддатли бир нечта омонатларни очишингиз мумкин. Масалан, биринчи омонат – пул олиш ва тўлдириш имкониятисиз, иккинчиси – маблағларнинг бир қисмини тўлдириш ва қайтариб олиш имконияти билан. Шундай қилиб, агар керак бўлса, сиз иккинчи омонатдаги жамғармадан фойдаланишингиз мумкин ва биринчисидаги маблағлар максимал даромад келтиради.

Депозитни қандай бошқарасиз: банкнинг мобил иловаси орқали ёки ҳар сафар банк офисига келганингизда?

Агар сиз омонатингизни ҳар ойда тўлдиришни истасангиз, буни масофадан туриб бажариш ёки ҳатто тўлдириш учун авто-тўловларни ўрнатиш функциялари банк офисига бориб-келиш вақтингиз ва харажатингизни тежайди.

Шунингдек, айрим банкларда картадан омонатга маблағларни автоматик равишда ўтказиш функцияси мавжуд. Бунда, ҳар ойда картадан омонатга ўтказадиган маълум миқдорни белгилашингиз кифоя.




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Омонат нима ва уни қандай тушуниш керак?

Омонат нима ва уни қандай тушуниш керак?

Омонат фоизларини поғонали ҳисоблаш: у ўзи нима ва қандай ҳисобланади?

Омонат фоизларини поғонали ҳисоблаш: у ўзи нима ва қандай ҳисобланади?

Онлайн-омонат нима ва нимани билиш муҳим?

Онлайн-омонат нима ва нимани билиш муҳим?

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X